Инсон учун машаққатли ишлардан бири дўст танлашдир. Чунки қадди-басти чиройли ва хулқи гўзал бўлиб кўринган ҳар бир киши табиатан яхши ва гўзал хулқли бўлавермайди. Зеро, ранги тиниқ ва тоза кўринган сув шўр ҳам бўлиши мумкин. Кишига, айниқса, у ёш бўлса, дўст ва йўлдошининг таъсири тез ўтади. Хулқи ва эътиқоди бузуқ кишилар билан дўстлашиш оқибати пушаймонликдир. Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши ибратли дўст танлашда ўрнак бўлишлари ва ёрдам беришлари керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ростгўйлар билан дўстлашинг! Улар тинчликда зийнат, хавфда қалқондир”.(1) Ҳакимлардан бири айтади: “Диёнатли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”. “Кишининг кимлигини сўзидан эмас, ишидан бил, муҳаббатини тилидан эмас, кўзидан бил!” “Дўстинг қандай эканини унинг сендан олдин дўстлашган одами ким эканлигидан билиб оласан”. Инсон саломатлиги тановул қилган таомига боғлиқ бўлганидек, унинг саодати ҳам танлаган дўстларига боғлиқдир. Шунинг учун дўст танлашда адашманг.