Ёр дедим, моҳтоб ҳам ёрдек туюлди, Ёр дедим, ҳар ошиқ хордек туюлди. Ҳар касга дардимни сўзладим такрор, Сенга борар йўлим мордек туюлди. Ёр дедим, ёр деган ғафлатда ўлмас, Уйқусиз тунларим дордек туюлди. Ёндим, бу дунёни ёндириб бўлмас! Жисмимда офтоб ҳам бордек туюлди. Ёр дедим, васфингда куйдим кечалар, Ҳижронинг бағримда холдек туюлди. Мендек руҳи сарсон ўтди нечалар, Тушимда висолинг болдек туюлди. Ёр дедим, ҳайратим сайрон туюлди, Жамолинг пардаси осмон туюлди. Борлиқ санъатингни кўрдим-у Ерда, Фақат мадҳинг менга армон туюлди.
|