Эй дўст! Сераёз томонларнинг узумидир Сўз, Саҳро-дашт, чўлларнинг гужумидир Сўз. Сўз инсофдан улуғ, исрофдан хордир, Турналарнинг тилло тизимидир Сўз. * * * Эй дўст! Учиб чиқар бир қуш ўз уясидан, Унга қайтиб кирмас, қандай қушдир у? — Нақд яхши ҳамиша насиясидан, Уни “Сўз” дейдилар, жавобимиз шу! * * * Эй дўст! Тарозига солиб айтдим ҳар бир сўзни, Унутмадим, кескир нигоҳ, ўткир кўзни. Қуюнларнинг ниятидан хабарим бор, Тиконларнинг нишларида кўрдим ўзни. * * * Эй дўст! Аллоҳга таваккул қилдик жонимизни, Ҳалоллаб едик бир бурда нонимизни. Даламизда деҳқон мисол бедормиз, Пахта, буғдой ўраган ҳар ёнимизни.
|