Эй дўст! Қашқир ваҳшийлигин сўзламаган ким, Эшитдим турфа хил баҳоларини. Лекин чин қашқирни кўринглар дедим Эмизаётган кез болаларини... * * * Эй дўст! Куч бир ён чорлайди, ақл-чи, бир ён, Бир ён гулхонаю бир ён гўристон. Билак кучи билан тутмадим сичқон, Билак кучи билан ўйнатдим арслон. * * * Эй дўст! Оламда не мавжуд турар турланиб, Бирда янгиланиб, бирда кирланиб. Ёз-қиш лаш-лушларга тўлди сой бўйи, Лекин ювиб кетди кўклам сел келиб. * * * Эй дўст! Эр-аёл бир умр эрур ёнма-ён, Улар айролиғин қилма намоён. Бири Ғарбга кетса, бири Шарқ томон, Ўртада тугайди жаннати даврон.
|