Менинг сендан бўлак, ё Раб, суянчим йўқ, паноҳим йўқ, Муродим восили васлинг, бўлак бир муддоим йўқ. Мени йўқлик жаҳонидан бу борлиқ ичра бор этдинг, Сенинг амринг менга вожиб, қулингман, ўзга шоҳим йўқ. Гуноҳлар кони бу олам, менам бир саргашта жон бунда, Адаштирса риё йўлдан, сенингсиз тўғри роҳим йўқ. Гоҳи ошкор, гоҳи пинҳон туширгай домига шайтон, Нетай, мен бандаи ожиз, демасман ҳеч: “Гуноҳим йўқ”. Чопиб нафс ортидан доим урилгай манглайим тошга, Халос эт, даргоҳингдан бўлак бир саждагоҳим йўқ. Висолинг кўзгуси бўлсин — кўнгил кўзини кўр этма, Ики дунё муродим шу, ўзга ҳеч илтижоим йўқ.
|