Ажабо, қўлингдаги минг сўм масжидга нақадар кўп-у, бозорга нақадар оз. — Ажабо, бир ярим соат зикр нақадар узоқ чўзилади-ю, тўқсон минут футбол нақадар тез тугайди. — Ажабо, дуода сўзлар нақадар топилмайди-ю, ғийбатда шу қадар қуйилиб келади. — Ажабо, агар футболда қўшимча вақтга ўтадиган бўлса, нақадар ҳаяжонланиб турамиз-у, Рамазондаги қўшимча намоздан узоқ деб нолиймиз. — Ажабо, Қуръондан бир саҳифа ўқиш нақадар қийин-у, "Даракчи"дан ўттиз бет нақадар осон. — Ажабо, бир неча дақиқа масжидда нақадар узоғ-у, навбатдаги сериал қаршисида нақадар оз. — Ажабо, хонанда қаршисида олдинги қаторларга нақадар ҳарисмиз-у, Худованда уйида сўнгги сафларга. — Ажабо, одамларга жумъа маърузасини эсда сақлаб, бошқаларга етказиш нақадар оғир-у, иғвою миш-мишларни ташиб юриш нақадар енгил. — Ажабо, телевизорнинг ҳар бир чўпчагига ишонамиз-у, Парвардигорнинг ҳақ сўзига шубҳа қиламиз. — Ажабо, севимли кўрсатув олдидан тайёрланиб, ҳар қанча кутамиз-у, намоз вақти деярли ўтиб кетса ҳам, унга ҳеч қанча тайёргарлик кўрмаймиз. — Ажабо, сериал қаҳрамонларини нақадар севиб, уларни куйиб-пишиб муҳокама қиламиз-у, масжидда ёнимизда турган намозхонни танимаймиз. — Ажабо, ҳар ким жаннатга киришни ҳар қанча тамаъ қилади-ю, бунинг учун бир нима қилиш, гапириш ёки ишониш кераклигини ҳеч қанча ўйламайди. —Ажабо!АЛЛОҲ Аллоҳ, Сенга юз минг юлдуз қуёш бўлиб топинар, Аллоҳ, Сенга дарё-денгиз кўз ёш бўлиб топинар, Менинг севгим олам аро гарчи зарра, қабул эт, Аллоҳ, Сенга не-не улус бир бош бўлиб топинар! АР-РАҲМОН Ўзинг асра дўст кўринган мубталодан, ё, Раҳмон! Ўзинг асра юзи тиниқ, ич балодан, ё, Раҳмон! Марҳаматинг, қудратига сиғиндим мен, ё, Раҳмон! Ўзинг асра ҳар қазою ҳар балодан, ё, Раҳмон! АЛ-МАЛИК Тахти олий ҳукмдори, арш-моҳларим, ё, Малик! Сенга аён осийлигим, дил оҳларим, ё, Малик! Банда бандаси бўлмай, бандангдурман, ё, Малик! Ўзинг кечир маҳкамада гуноҳларим, ё, Малик! АЛ- ҚУДДУС Севги Сенинг камолингдир, ё, Қуддус! Нафас Сенинг шамолингдир, ё, Қуддус! Муҳаббатим изҳорига сўз лолдир, Жаннат Сенинг жамолингдир, ё, Қуддус! АС-САЛОМ Ҳақсизликдан қоним музлар, ё, Салом! Кимдир бунга малҳам излар, ё, Салом! Ер юзида дармон йўқдир бу дардга, Шифо бергин хаста бизлар, ё, Салом! АЛ-МУЪМИН Нетайки мен вафоси йўқ бу жаҳонни, ё, Муъмин! Юраклардан суғуриб ол бу камонни, ё, Муъмин! Бир қулингман, фарёдимга қулоқ сол. Қалб боғида боқий айла гул – иймонни, ё, Муъмин! АЛ-МУҲАЙМИН Ё, Муҳаймин, қалби поклар султони Сен! Ё, Муҳаймин, дорул бақо имкони Сен! Ё, Муҳаймин, осойишнинг аркони Сен! Ё, Муҳаймин, хайру эҳсон макони Сен! АЛ-АЗИЗ Ё, Азиз, Сенга таваккул айладим, Ё, Азиз, равшан йўлингни танладим, Ё, Азиз, руҳни синовга шайладим, Ё, Азиз, Сенсиз ҳаётда найладим!
|