1. Сиз қандай китобларни ўқишни маслаҳат берган бўлардингиз? 2. Шахсий кутубхонангизда, агар сир бўлмаса, қанча китоб бор ва улар қайси соҳаларга доир? 3. Киши бир йилда, қолаверса, умр мобайнида нечта китоб ўқиб чиқиши мумкин? Сизнинг тавсиянгиз. 4. Юртимиз китобхон ўлкага айланиши учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
Маҳкам АНДИЖОНИЙ: 1 . Савол жуда ўринли. Чунки, агар энг муҳим, ноёб, энг зарур китобларни танлаб ўқилмаса, одамнинг умри етмайди. Ҳар бир саводли инсон, айниқса, Ватан, эл, юрт иши билан банд зиёлилар ва деҳқон, ҳунармандлар кўп китоб ўқишга вақт топа олмайдилар. Аниқроқ айтсак, мен ёш дўстларимга (ёшлар, албатта, кўп ўқиши керак) турли беҳаё, олди-қочди китобларни, масалан, Анн ва Серж Голонларнинг «Анжелика ва Иблис», «Анжелика ва султон» каби кўп томли асарларни ўқимасликни маслаҳат берардим. Стефан Цвейгни, Г.Э.Лессингнинг «Лаокон ёхуд Ҳамбург драматургияси» асарини, В.Белинский ва Н.Г.Чернишевский асарларини, Гогол, Тургенев, Достоевский асарларини, М.Булгаковнинг «Оқ ўрду» («Ватангадолар»), «Ит юрак», «Уста ва Маргарита», «Ғаройиб тухумлар» асарларини, Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Қаҳҳор, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим, Явдот Илёсов асарларини кўпроқ ўқиш руҳингизни бойитади, деб ўйлайман. 2 . Бир куни (5-синфда эдим) ғаройиб туш кўрдим. Тушимда Париж ёки Лондонга ўхшаш обод шаҳарда яшаяпман, уйимда нақшин жавонларда Шекспир, Бальзак, Пушкин, Тургенев, Александр Дюма ва мен билмаган жуда кўп буюк адиблар ва шоирларнинг зарҳал муқовали қалин китоблари виқор билан нур сочиб турибди. Бу ғаройиб тушни кўп йиллар давомида қайта-қайта кўрардим. Ва қалбим шодликларга тўларди. Не бахтки, мактабни битириб, қўшни қиз – устозим Ҳабибахон опанинг тавсияси ва ёрдами билан Ўрта Осиё давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети) филология куллиёти, журналистика бўлимига ўқишга кирдим. Стипендиямнинг ярмидан кўпига китоб олардим, кийим-кечак, озиқ-овқат билан ишим йўқ эди. Мактабдан муаллимлар ҳам, отасиз ўсганим учун пул юбориб турар эдилар, бу пулларга ҳам жаҳон адабиёти дурдоналарини сотиб олардим. Шахсий кутубхонамда 10 мингдан зиёд китоб бор, булар орасида Аристофан, Эсхил, Софокл, Эврипид, Макс Плавт, Овидийнинг «Тағайюрот» («Эврилишлар»), Вергилининг «Энеида», Афлотун, Арастунинг сақланиб қолган барча асарлари, А.Данте, Ф.Рабле, В.Шекспир, Ж.Румий, Навоий, Фузулий, Огаҳий, Мольер, Бомарше, Лопе де Вега, Сервантес, Гёте, Гейне, Бернс, Байрон, Шелли, Китс, Д.Дефо, Ж.Свифт, Ш.Бодлер, Камю, Кафка, О.Уайльд, Эдгар По, Плутарх, Ксенофонт, Плиний, Тит Ливий, Ибн Арабшоҳ, Н.Шомий, Али Яздий, қадимги ҳинд, хитой, япон файласуфларининг асарлари, Ғаззолий, Ибн Рушт Беруний, Ибн Сино, Ибн Туфайл, Жомий каби Шарқ мутафаккирларининг асарлари бор. Кутубхонамда бундан ташқари яна археология, архитектура, табиатшунослик, кино, театр, мусиқа, тасвирий санъат, этнография (элшунослик) ва бошқа соҳаларга ҳам доир кўп китоблар бор. 3 . Одамлар моддий бойликларга жуда катта эътибор билан қарайдилар. Аммо маънавий, руҳий бойликларни кўпайтириш ҳақида унчалик қайғурмайдилар. АҚШнинг XIX асрдаги мумтоз адибларидан Ҳенри Торо «Уолден (ёҳуд ўрмондаги ҳаёт)» китобида Саъдийнинг «Гулистон» асаридан ажойиб бир фикрини келтиради: «Қадимги одамлар ўзларини улуғлаб, жуда катта тошлардан ҳайкаллар йўндирганлар. Улар бунинг ўрнига ўзларининг феъл-атворидаги кераксиз жиҳатларни йўниб, тарашласалар, анча етук инсонлар бўлур эдилар». Агар ҳаётимиз кунларини унумли ўтказсак, умримиз давомида неча минглаб ажойиб китобларни ўқиб, илм-маърифат туфайли фозил одамлар бўлиб етишардик, жамиятда худбин,, лоқайд, тамаъгир, юл ғич, шафқатсиз одамлар камаяр эди. 4 . Ўзбекистон китобхон ўлкага айланиши учун адиблар, шоирлар, олимлар, устоз Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, халқнинг дилида, тилининг учида турган, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деган фикрларини, орзу, ҳавас, тилак, истакларини бежаб-бўямасдан, айни вақтда юксак одоб ва маданият билан бадиий бақувват асарларида ифодалаб беришлари зарур. Нашриётлар ҳам халқ талаб-истаклари, эҳтиёжларини ўрганиб, иложи борича нодир маънавият дурдоналарини чоп этишга интилсалар яхши бўлур эди.
Абдулла ШЕР: 1. Мен бадиий асар даражасига кўтарилмаган китобларни ўқишга маслаҳат бермасдим. Чунки бундай китоблар ўқувчининг бадиий-эстетик дидини пасайтиради, унинг бадиий асар ҳақидаги тасаввурини жўнлаштиради; ўқувчини образли фикрлашдан узоқлаштиради; адабий тилни бузади, тил маданиятига салбий таъсир кўрсатади; чала образлар, чала характерлар, чала бадиий ҳақиқат китобхоннинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасини чалкаштиради. Бундан ташқари, ҳар бир бадиий асар шаклий мукаммаллик жиҳатидан ҳам гўзал бўлади, бадиий асар даражасига кўтарилмаган китоб ана шу гўзалликдан маҳрум. 2. Шахсий кутубхонамда 8 минг атрофида китоб бор. Уларнинг катта қисми рус тилида, қолганлари ўзбек, форс-тожик, инглиз, олмон ва қозоқ тилларида; аксариятини бадиий адабиёт ташкил этади, шунингдек, фалсафа, эстетика, ахлоқшунослик, адабиётшунослик, руҳшунослик, тарих соҳаларидаги китоблар, қомуслар ва луғатлар ҳам анчагина. Мен, қанчалик ҳайрон қоларли бўлмасин, картотека усулидан фойдаланмайман: жавонлар ва улардаги китоблар тартибини ёдда сақлайман. Тўғри, баъзан бирор-бир китобни анча пайт қидириб қоламан. Лекин бунинг ажойиб сирли сабаби бор. Уни йўглар ҳаётига мурожаат қилиб тушунтириш мумкин: хатха-йўга машқларини бажарганда, киши ҳар куни ўз баданининг барча аъзоларини хаёлан кўз олдига келтириб, «эслайди», ана шу тарзда «эслаш» жараёнида эътибордан четда қолган аъзо «аразлаб» касалланишга мойиллик туғдиради. Чамаси, бу ҳодиса нарсаларга ҳам, хусусан, китобларга хос. Бирор-бир китобимни узоқ муддат қўлга олмасам, у одатда «аразлаб» мендан «яширинади» – топиш учун анча вақтим кетади. Бу – шунчаки қизиқ гап эмас, ҳақиқат, неча марта бунга ўзим шоҳид бўлганман: инсоннинг нарсага муҳаббати нарсада ҳам унга муҳаббат, «эркаланиш» уйғотади, шекилли. 3. Менимча, бир кишининг бир йилда 20-25та китоб ўқиши нормал ҳол. Албатта, бир китоб – 2, бошқаси – 20 босма табоқ бўлиши мумкин. Бироқ профессионал адиб ёки олим бундан камида 3 баравар ортиқ китоб ўқиши керак, деб ўйлайман. Мен талабалик йилларимдаёқ ажойиб устозларимдан бири Озод ака Шарафиддиновнинг ўқиш нормасини қабул қилганман – кунига камида 30 бет. Ҳозир ҳам шундай. 4. Ҳозир китобга қизиқиш аввалгидай кучли эмас. Буни кўпинча электрон технологиянинг тараққиёти билан боғлашга ҳаракат қилишади. Менимча, масала бунда эмас: агар китоб – зўр; ўқувчида – вақт, сотиб олишга қурб, ёзувчида эса яхши ёзишга имкон бўлса, Ўзбекистон яна китобхон ўлкага айланиши мумкин. Ҳозирча ёзувчи ёки шоир оладиган қалам ҳақи ҳам қониқарли даражада эмас, бунинг профессионал ёзувчиликка ҳам таъсири бор. Маълумки, китобхон ҳар жиҳатдан баланд савиядаги китобни яхши кўради: унда замонавий қаҳрамон образи яратилади, яъни долзарб масалалар, «тишли» гаплар, ҳаётий ҳақиқат ўртага ташланади. Лекин бундай асарлар кўпинча тўсиққа учрайди. Бу, назаримда, ҳали қонунларимизнинг мукаммал эмаслигидан. Худди шу, қонунлар номукаммаллигини Президентимиз Ислом Каримов айнан сўз эркинлиги масаласига боғлаб, яқинда ўтган Олий Мажлис сессиясида куюниб, таъкидлаб ўтдилар. Ўйлайманки, икки палатали парламент, албатта, Президентимиз айтганларидек, бу масалани ижобий ҳал қилади. Бундан ташқари нашриётлар – хўжалик ҳисобида, лекин айни пайтда хусусий эмас. Улар ночорликдан пулдор ҳаваскорларнинг ёки ҳомийлари бор «халқдан чиққан истеъдод»ларнинг маза-матрасиз «асар»ларини босишга мажбур. Ўзига тўқ, китоб чиқаришга маблағи етарли ёзувчилар эса битта-иккита. Лекин, ишончим комилки, булар қийинчиликлар ўткинчи, тез орада, Президентимиз айтганларидек, адабиёт ва санъатга давлат бош ҳомий бўлажак. Чунки Ўзбекистон китобхон мамлакатга айланса, унда ўз-ўзидан диний экстремизм, ёлғон, пора, ҳаромхўрлик сингари иллатлар йўқолади.
Саҳифани Аҳмад Отабоев тайёрлади. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 16-сонидан олинди.
|