Онажоним, доим сизни нақадар севишимни, митти юрагимдан жой олган чексиз меҳрингизни сизга айтишни истадим. Аммо буни уддалай олмадим. Чунки сиз буни англашга ҳаракат қилмадингиз. Бир куни сиз учун боғдан гул тердим. Гулдонга солиб қўйиб сизни хурсанд қилмоқчи бўлдим. Аммо гулдон қўлимдан тушиб кетиб синди. Гулдонни синдирганим учун мени роса уришдингиз. Энди мен ҳеч кимга гул бермайман! Нега мени доим “Даданга айтаман!”, деб қўрқитасиз? Уни яхши кўришимни истамайсизми? Мен бақирмасдан бир нарса сўрасам уни бермайсиз. Бақириб йиғлай бошлаганимда эса ўша нарсани берасиз. Шунинг учун ҳам мен доим бир нарса ҳохласам йиғлаб сўрайман. Айтганингизни қилиш учун ҳам бақиришингизни кутаман.